ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ ЎРТАСИДА СТАРТАП ЛОЙИҲАЛАРИГА БЎЛГАН ҚИЗИҚИШ ВА УНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ОМИЛЛАРИ
Аннотация
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ёшларга
қаратилган давлат сиёсати алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимиз
Президенти томонидан ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини
ошириш, уларнинг бизнес ва ишбилармонлик соҳасида ўз ташаббусларини
рўёбга чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Шу мақсадда турли
грантлар, имтиёзли кредитлар, таълим дастурлари ва инкубация марказлари
фаолияти йўлга қўйилган. Ёшлар томонидан ташкил этилаётган кичик бизнес ва
стартаплар инновацияларни жорий қилиш, янги иш ўринларини яратиш, экспорт
салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача
бўлган ёшлар ташкил этади. Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар даврида
ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини
рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Мазкур
тадқиқот иши ўзбек ёшларининг стартап экотизимига бўлган қизиқиши, мавжуд
имкониятлар ва дуч келинаётган тўсиқларни таҳлил қилишга қаратилган.